Сигир сутига нисбатан аллергияни даволаш мумкинми, сунъий озиқланишдаги аллергик гўдакка нима бериш мумкин ҳамда агар онанинг кўкрак сути гўдакда аллергик реакцияни чақирса, у нима қилиши лозим — оналарнинг ушбу ва бошқа кенг тарқалган саволларига тиббиёт фанлари доктори, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги академик Г.Н.Сперанский номидаги ФГБОУ ДПО РМАНПО нинг коликлиник педиатрияга ихтисослашган педиатрия кафедраси профессори Ирина Николаевна Холодова жавоб беради.
— Ирина Николаевна, янги туғилган гўдак ёки 1,5-2 ёшли болада аллергия борлигини қандай билса бўлади?
— Ота оналар диққатини шу нарсага жалб этишни истардимки, агар оилада аллергия билан азият чекувчи шахс бўлса, у ҳолда албатта гўдакда ҳам аллергия пайдо бўлиш эҳтимоли анча юқори бўлади. Масалан, агар аллергия билан фақат она азият чекса ва барча аллергиклар — фақат она томонидан бўлса, у ҳолда гўдакда аллергиянинг пайдо бўлиш эҳтимоли 40-50%ни, агар ҳам она ва ҳам ота томонидан бўлса, у ҳолда 80% ни ташкил қилади. Яъни аллергия насл орқали ўтади ва гўдак ҳаётининг илк кунлариданоқ намоён бўлиши мумкин. Эрта ёшдаги болаларда кўпинча аллергиянинг тери ва гастроинтестинал шакллари кузатилади.
Аллергиянинг тери шакли
Кичик ёшдаги болаларда айнан тери шаклидаги аллергия кўпроқ учрайди (авваллари у экссудатив-катарал диатез, ҳозир эса — атопик дерматит деб номланади) — гўдак терисида аллергия тошма пайдо бўлишни бошлайди. Бу қуруқ ёки сувли, кўпинча қичишиш билан кечувчи тошма бўлиши мумкин.
Аллергиянинг гастроинтестинал шакли
Аллергиянинг бундай шаклига ташхис қўйиш қийинроқ ва бу аллергия эканлигини тушуниб етиш жуда мушкул бўлади. Бундай болаларда ҳаётининг илк кунларидан оғир қорин санчиқлари кузатилиши мумкин — овқат қийин ҳазм бўлади, оксидланмай қолган маҳсулотлар ҳосил бўлиб, меъда ичак йўллари шиллиқ қаватини таъсирлайди, яллиғланиш келтириб чиқариши мумкин. бундан ташқари, овқат ферментациясининг бузилиши натижасида катта миқдорда газлар ҳосил бўлади. Газлар ичакни чўзади, невр ва қон томорларга босим ўтказади. Буларнинг барчаси спазм ва оғриқларни келтириб чиқаради.